Қисқа эгатлар орқали суғориш

Экинларни суғоришнинг самарали бўлиши ва суғоришга сарфланаётган сувдан тежамли фойдаланишда экин даласидаги эгатларнинг узунлиги алоҳида аҳамиятга эга.

Агар эгатлар узун олинса, сув эгатнинг охирига етиб боргунича унинг кўп қисми эгатнинг бош қисми ва узунлиги бўйлаб тупроққа сингиб беҳудага исроф бўлади, эгатлар узунлиги ҳаддан ташқари қисқа олинса, даладан фойдаланиш коэффициенти камайиб кетади.

Шунинг учун эгатларнинг узунлигини экин майдонининг нишаблиги ва тупроқнинг сув шимиш хусусиятига қараб тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга.

Экин далаларида эгатлаб суғоришни ташкил қилишда эгатларнинг узунлиги суғоришни мехнизациялаштиришни осонлаштириш ва суғоришдаги қўл меҳнатини камайтириш мақсадларида доимо узунроқ қилиб белгиланиб келинган. Суғоришни бундай амалга ошириш сувни тупроққа шимилишига, яъни беҳудага исроф бўлишига сабаб бўлган.

Узун эгатлар билан суғорилганда тупроқ қуйи қатламининг намланиш эпюраси

Тупроқ қуйи қатламининг беҳудага намланишини (сувнинг инфильтрациясини) камайтириш мақсадида суғоришни қисқа эгатлар воситасида олиб бориш энг афзал усуллардан бири сифатида тавсия қилинади.

Қисқа эгатлар билан суғориш учун дала шароитидан келиб чиқиб, қумоқ тупроқларда 50-60 метр, енгил соз тупроқларда 100 метргача ва бошқа тупроқларда 100-120 метргача масофаларда ўқ ариқлар олинади ва экин даласи ўқ ариқлар билан бўлиб ташланади.

Натижада суғориш вақтида сувнинг тупроққа беҳуда сингиши камаяди ва тупроқ эгатнинг бошидан то охиригача бир текис намланади.

Қисқа эгатлар билан суғорилганда тупроқ қатламининг намланиш эпюраси

Даланинг барча қисмини бир текис намланиши даладан олинадиган экин ҳосилининг юқори бўлишини ҳам таъминлайди.

Қисқа эгатлар орқали суғоришни экин даласи тупроқларининг хусусиятларига кўра, биринчи навбатда:

✓ енгил ва ўртача оғирликдаги тупроқларда сув исрофини камайтириш учун;

✓ катта нишабли суғориладиган майдонларда сув шимилишини камайтириш ва тупроқ ювилиши ҳамда сурилишининг олдини олиш учун;

✓ чўл ҳудудларида дала тупроғи, асосан, қум ва қумоқ тупроқлардан иборат бўлган майдонларда қўллаш тавсия қилинади.

Қисқа эгатлар орқали суғоришни тупроқнинг сув ўтказувчанлиги ўта кучли бўлган (чўл зоналаридаги қум тупроқли) экин майдонларида қўллаш экинларни суғоришни самарали ўтказиш имкониятларини яратади. Бунда эгатларнинг узунлигини тавсия қилинаётганидан камроқ қилиб ҳам (50 метрдан кам) белгилаш мумкин.
Қисқа эгатлар орқали суғориладиган экин даласида тарқатувчи ўқ ариқларнинг ўрнига кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш ўқ ариқлар олиш учун йўқотиладиган ер майдонларини сақлаб қолиш, ўқ ариқларни суғоришга тайёрлаш учун сарфланадиган қўл меҳнатини камайтириш имкониятларини яратади.

Қисқа эгатлар орқали суғорилган экин даласида мавсум давомида суғоришга ишлатиладиган сувнинг 20 - 25 % гача қисми тежалади. Шу билан бирга, даланинг барча қисмларини сув билан бир хилда таъминланиши ҳисобига экинларнинг ҳосилдорлиги сезиларли даражада ортади.

Ўқариқлар ўтадиган ерларни кўпайиши оқибатида ердан фойдаланиш коэффицентини пасайиб кетиши калта эгатлар билан суғоришнинг асосий камчилиги саналади.



Манба:
СУВ ТЕЖОВЧИ СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ (дарслик)
Маматов С.А., Хамраев Ш.Р., Қаршиев Р.Ж., Закс И.А., Бурхонжонов Б.Ш.
Тошкент – 2021 йил